Халқ саломатлиги – юрт қудрати
Болалик дамларини тез-тез хотирламайдиган инсон кам топилса керак. Эслайсизми, гўдак чоғларимизда онамиз етовида “дўхтирхона”га борсак, дунёни бошимизга кўтариб уввос солардик.

Шифокорларнинг уколидан қўрққанимиз-ку майли, аслида бизни қишлоқ марказида жойлашган ўша мўъжазгина кулбанинг аччиқ дори ҳиди анқиб ётган хоналари-ю, сувоғи кўчиб тушай деб қолган харобаҳол деворларининг ваҳми босган бўлса ажаб эмас. Қолаверса, олий маълумотли соҳа мутахассисларига зориқиб турган бу жойдан кўп ҳолларда дардимизга шифо тополмасдик ҳам. Бугун-чи?
Яқинда ишим тушиб, маҳалламизда жойлашган қишлоқ врачлик пунктига кирдим. Ҳовлисида манзарали дарахтлар ўтқазилиб, яқиндагина тўла таъмирдан чиқарилган бино эшигидан кирибоқ, уч-тўрт нафар болакайнинг залда қийқириб ўйнаб юришганига гувоҳ бўлдим ва беихтиёр ўша ўзимнинг дўхтирхонани кўрса юраги зириллайдиган болалигимни эсладим. Фарзандининг қўлидан етаклаб эмлаш хонасига олиб кираётган аёл эса “Ана дўхтир опанг келяптилар, салом бер, ўғлим” деб қўйди. Ҳа, бугун нафақат тиббиёт масканлари замонавий кўриниш касб этиб, барча қулайликларга эга бўлмоқда, балки ҳамюртларимизнинг тиббий маданияти ҳам йилдан-йилга ўсиб бораётир. Энди оналар хархаша қилаётган болаларига шифокорни “олабўжи” қилиб кўрсатишмайди. Энди дарди мадда бойлаб кетгачгина оқ кийимли нажоткорларни эслаб қоладиганларнинг сафи камайяпти. Энди бўй етган йигит-қизлар никоҳдан олдин шифокор кўригидан ўтишдан мақсад нималигини билишади.

Дарҳақиқат, аҳолида ўз соғлигига ўзи масъуллик ҳисси, умуман олганда тиббий маданият даражаси юксалиб бормоқда. Бу борада миллий тиббиётимизнинг бирламчи бўғини сифатида эътироф этилаётган ҚВПларнинг катта ҳиссаси борлиги сир эмас. Зотан, пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, иморат шунчалик умрбоқий бўлади. Бу ўхшатишни олис-олис қишлоқларимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз дард чекишганда ёки профилактика мақсадида эшик қоқиб келадиган илк тиббиёт маскани бўлмиш ҚВПга нисбатан ҳам қўллаш жуда ўринли бўлар эди. Чунки айни шу даргоҳда қўйилган аниқ ташҳис ва самарали тиббий хизмат ватандошларимиз саломатлиги йўлида қўйилаётган муҳим қадамимиздир.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиздаги мавжуд 3200 тадан ошиқ ҚВП фаолиятини янада такомиллаштириш, барча имконият ва қулайликларга эга замонавий тиббий муассаса сифатида шакллантириш мақсадида улар 10,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Қолаверса, бу тиббий муассасаларга дори воситаларини етказиб бериш ҳажми 2009 йилдагига нисбатан 3,1 баробарга ошгани, уларнинг қошида 770 дан зиёд ижтимоий дорихоналар ташкил этилганини алоҳида қайд этишга лойиқ. Энг қувонарлиси эса бугунги кунда барча ҚВПларимизда олий маълумотли умумий амалиёт шифокорлари фаолият кўрсатишмоқдаки, бу кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати юксалишига сабаб бўлаётир. Ўз ўрнида улар республика ихтисослаштирилган марказлари, йирик даволаш муассасалари ва олий ўқув юртларида ишлаётган ўз соҳасининг билимдони бўлган тажрибали шифокорлар билан мустаҳкам алоқа боғлаб, зарур маслаҳат ва тавсиялар, амалий ёрдам олмоқдалар.
Шуни таъкидламоқ жоизки, юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида изчиллик билан давом эттирилаётган ислоҳотлар замирида эл-юрт саломатлиги, келажак авлод баркамоллиги, оналар соғломлиги, умуман олганда инсон манфаатлари ётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай кенг қамровли ислоҳотлар самараси ўлароқ оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ташкил этиш, шошилинч тиббий хизмат тизимини янада такомиллаштириш, ҳар томонлама малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, қолаверса, фармацевтика соҳасини ривожлантириш каби йўналишларда мақташга арзигулик ютуқлар қўлга киритилди. Чунончи, биргина ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг ташкил этилишини олайлик. Аввало, дарддан Аллоҳнинг ўзи асрасин, аммо тақдир тақозоси билан бирор оғир хасталикка дучор бўлган беморлар эндиликда даво излаб хорижма-хориж сарсон бўлишларига ҳожат йўқ. Чунки юртимизда фаолият юритиб турган ўндан ошиқ ихтисослаштирилган марказларнинг ўзида уларга дунё андозалари даражасида тиббий хизмат кўрсатилади. Бу жумлаларни фахр билан ёзаётганимизнинг ўзи биз учун бахт. Зотан, бугун ҳамюртларимиз ўз Ватанимизда ўзимизнинг шифокорлар томонидан ўтказилаётган ўта мураккаб жарроҳлик амалиётлари натижасида ҳаётга қайтишмоқда, умр кўришдан умиди сўнган оғир ҳолатда ҳам сифатли тиббий ёрдам туфайли яшаш завқига мушарраф бўлишмоқда. Аслида бундан-да буюкроқ саодат бўлмаса керак. Буни ўз бошидан ўтказган инсонлар янада теранроқ ҳис қилишади.

— Мен ҳаётни фақат кўз ўнгим туманлашган ҳолда кўра олардим, тўғрироғи, шарпаларни тасаввур қилардим, холос. Чунки туғилганимдан бери менга нисбатан “кўзи ожиз” деган ибора ишлатилиб келинган, — дея гап бошлади ўзини Рўзимурод Хўжаев деб таништирган ўрта ёшлардаги ҳамюртимиз. — Ҳаётни тиниқ рангларда кўра олиш бахтидан аллақачон умидимни узиб бўлгандим. Аммо Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказига мурожаат қилгач, сўнган умидим куртак ёза бошлади. Менда кўз шоҳ пардаси трансплантацияси амалиёти ўтказилиб, эндиликда оламни кўра олиш бахтига муяссар бўлдим.
Ҳа, бу инсон ва унга ўхшаганлар шодлигининг чеки-чегараси йўқ. Қолаверса, тақдир тақозоси билан бир неча йиллардан бери ҳаётдан тўла баҳра ололмаётганларга ана шундай шодлик туйғусини ҳадя этаётганларнинг хизмати-да ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Бундан ташқари, яқин-яқингача ҳатто орзу қилишга ҳам журъат қила олмаганимиз ўта мураккаб юрак жарроҳликлари, чунончи юрак аритмияси билан оғриган беморларни тиғсиз, кўкрак қафасини очмасдан туриб дарддан фориғ қилиш, оғир турдаги қон касалликларини даволаш, суяк илиги трансплантациясини ўтказиш амалиёти каби ўта жиддий жарроҳликларнинг ўз юртимизда ўтказилаётгани қувонарли эмасми?! Қолаверса, ана шундай имконият бутун Марказий Осиё минтақаси бўйича фақат бизнинг юртимизда борлиги-чи?! Буларнинг бари соҳада пухта ўйлаб амалиётга жорий этилаётган ислоҳотларнинг самарасидир!
Соҳада қўлга киритилган ютуқларимиз ҳақида сўз борганда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлидаги хайрли ишларни ҳам алоҳида тилга олмоқ лозим. Бу ҳақда Юртбошимиз 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида, жумладан, шундай деган эди:
“Кейинги ўн йилда мамлакатимизда оналар ўлими коэффициенти 33,1 промилледан 19,7 промиллега, болалар ўлими коэффициенти эса 18,9 промилледан 10,1 промиллега тушди. Туғма ва ирсий касалликлар билан туғиладиган болалар сони қарийб икки баробар камайди”.
Дарҳақиқат, ушбу рақамлар юртимизда она ва бола саломатлиги, келажак авлод баркамоллиги йўлида қилинаётган оқилона саъй-ҳаракатлардан нишона. Биргина мисол: барча вилоятларимиз ва Тошкент шаҳрида скрининг марказларининг ташкил этилгани ва ўтган йилда ушбу марказлар томонидан 116 минг нафардан зиёд онанинг тиббий кўрикдан ўтказилгани кўплаб нохушликларнинг олдини олишда самарали хизмат қилгани шубҳасиз. Қолаверса, она ва бола саломатлиги йўлида юртимизда мавжуд 11 та перинитал марказларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Бу ерда келажак авлоднинг соғлом туғилиши ва оналар саломатлигини сақлаш учун зарур барча тиббий шароитлар мавжуд. Шу ўринда қишлоқ аёлларининг соғлигига бўлган юксак ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлган ўтган йили 22 июлда қабул қилинган “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида олис туманларимизда яшовчи ҳомиладор аёллар умумий қувватлантирувчи поливитаминлар комплекси билан бепул таъминланиши кўзда тутилган. Ушбу эзгу мақсад учун давлатимиз бюджети ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратилди. Бу, албатта, авлодлар баркамоллиги йўлида қилинаётган мислсиз эътибордан биридир. Зотан, Юртбошимиз айтганларидек “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”.
Эътироф этиш керакки, бу йўналишда Ватанимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича офиси томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги дастурларни жорий қилишда минтақада намунавий модель сифатида эътироф этилгани юқоридаги фикрни исботлайди.
Яна бир гап, Ўзбекистон “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчиўн мамлакат қаторига киритилди.
Шу йилнинг 25-26 ноябрь кунлари мамлакатимиз пойтахти Тошкент шахрида “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини мухофаза қилишнинг Миллий модели: “Соғлом она – соғлом бола” мавзуида халқаро симпозиумнинг юқори даражада бўлиб ўтганлиги, унда жахоннинг кўплаб давлатлари билан бирга дунёдаги энг нуфузли ҳалқаро ташкилот вакилларининг иштирок этганлиги ҳам, аслида, мамлакатимиз тиббиёт тизимига берилган муносиб баҳодир.
Бу ҳам Ватанимизда инсон саломатлиги йўлида олиб борилаётган одил сиёсатнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинаётганидан далолатдир.
Юртимизда фармацевтика соҳасида кузатилаётган жадал ривожланиш ҳам эътирофга арзийди. Чунончи, сўнгги йилларда ўзбек олимлари томонидан ўттиздан ошиқ янги дори воситалари ихтиро қилингани ва улар аллақачон бемор ҳамюртларимизнинг дардига шифо бераётгани эътирофга лойиқ. Маълумотларга кўра, мустақилликкача бўлган даврда мамлакатимизда атиги учта корхона томонидан элликка яқин дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, холос. Бундай ҳолатда эса зарур малҳамларнинг четдан келтирилиши натижасида уларнинг нархи юқори бўлиши турган гап. Қолаверса, юртимиз шароити, иқлими, табиатига мос бўлмаган дори воситалари ҳамюртларимиз саломатлигини тиклашга тўла ёрдам бериши ҳам гумон экани тўғрисидаги фикр олимларимиз томонидан илгари сурилмоқда. Шундай экан ўз диёримизда шу тупроқда униб-ўсаётган доривор гиёҳлардан тайёрланадиган маҳсулотларнинг самараси юқори бўлиши шубҳасиз. Бу йўналишда юртимизда, аллақачон саъй-ҳаракатлар бошланиб, ҳозирда мамлакатимизда фаолият юритаётган 120 дан зиёд фармацевтика саноати корхоналари томонидан 1200 дан ошиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Шубҳа йўқки, соҳа ривожида уни молиялаштириш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Эътиборлиси шундаки, соғлиқни сақлаш тизимини янада яхшилаш мақсадини кўзлаб ажратилаётган бюджет маблағлари йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Жумладан, 2010 йилда соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 1 триллион 703 миллиард сўм ажратилди. Бу кўрсаткич охирги уч йилга нисбатан икки ярим баробар кўп демакдир. 2011 йилда бу борадаги кўрсаткич 2,2 триллион сўмни ташкил этди.
Дарҳақиқат, Ватанимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фахрланишга арзигулик. Аммо соҳада ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам бор. Хўш, келгусида соҳада қандай янгилик ва ўзгаришлар кузатилади? 2011 йилдан бошлаб “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилади. Бунга 93 миллион АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 2012 йилги Инвеститция дастурига кўра юзлаб даволаш муассасалари, марказлар, туман тиббиёт бирлашмалари қайта реконструкция ва янгитдан бунёд этилади. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази таркибида янги, дунё андозаларига тўлиқ жавоб бералиган кардио-хирургия бўлими ҳам фойдаланишга топширилади.
Умуман олганда, бундан кейин ҳам инсон саломатлиги йўлидаги изчил ислоҳотларнинг давом эттирилиши режалаштирилмоқда. Зотан, соғлом элнинг эртаси ёруғ, мақсадлари улуғ, Ватани фаровон бўлажак.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.