Инсон соғлиғи — устувор вазифа
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ана шу эзгу мақсад йўлида изчил ислоҳотлар ўтказилмоқда.

(Факт ва рақамлар)
- Давлатимиз раҳбарининг 1998 йилдаги Фармони билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг 1999 — 2005 йилларга мўлжалланган Давлат дастурининг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда тиббий хизматнинг ўзига хос миллий моделини шакллантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, аҳолига жаҳон талаблари даражасида хизмат кўрсатишдан иборат бўлди.Қувонарлиси, ушбу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш орқали соғлиқни сақлаш соҳасида илғор шакл ва услублар амалиётга жорий этилди. Жойларда фаолият юритаётган бирламчи бўғин, жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари базаси мустаҳкамланди, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган марказлар ҳамда соҳада янги — шошилинч тиббий хизмат тизимини ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш каби йўналишларда салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Шаҳару қишлоқларда бири-биридан кўркам, муаззам, замонавий даволаш муассасалари ва тиббий марказлар қад ростлади. Энг муҳими, ушбу кенг қамровли ислоҳотлар, моҳиятан, инсон ва унинг манфаатлари, турмушининг ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун хизмат қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Биз айни пайтда миллий тиббиётимиз қанчалик юксалганлигини биргина бирламчи бўғин — ҚВПларнинг замонавий тиббий муассасаси сифатида шаклланаётганлиги мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ўтган давр ичида мамлакатимиздаги мавжуд 200 га яқин ҚВПлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида улар 10,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Дори воситалари етказиб бериш ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 3,1 баробарга ошди. Барча қишлоқ врачлик пунктлари алоқа тизими — телефон, мобиль ва радиоалоқа мосламалари билан тўлиқ таъминланди. Қисқа фурсат ичида ҚВПлар қошида барча қулайликларга эга бўлган 450 дан ошиқ дорихона филиаллари ва 14 та кўчма дорихона ташкил этилди. Асосийси, кундан-кунга аҳоли ишончига сазовор бўлаётган бундай пунктларда энди аввалгиларга ўхшаб ўрта тиббиёт ходимлари эмас, балки олий маълумотли умумий амалиёт шифокорлари фаолият кўрсатмоқда.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Шошилинч тиббий ёрдам илмий ва ўнлаб республика ихтисослаштирилган марказларни ташкил этишга оид ишлар улкан тарихий аҳамиятга эга. Шу маънода, бугунги кунда Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг 12 та филиали ҳамда 173 та бўлими фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги бир ярим йил ичида мазкур хизмат учун 110 та “Hyundai”, 400 донадан ошиқ “Дамас” русумли “Амбуланс” ва 50 та УАЗ автотранспорти ажратиб берилди.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Айни пайтда юртимизнинг деярли ҳар бир вилоятида скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Улар шу йилнинг ўзида давлат бюджетидан ажратилган 2,6 миллиард сўмга замонавий асбоб-ускуна ва махсус автомашиналар билан тўлиқ таъминланди. Бу эса, энг аввало, қишлоқ жойлардаги аҳолига замонавий ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Қувончлиси шундаки, Президентимизнинг шу йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳомиладор аёллар саломатлигини тиклаш, улар учун умумий қувватлантирувчи поливитаминлар сотиб олишга давлат бюджетидан 8 миллиард сўм ажратилди. Биласизми, бу билан Ўзбекистон жаҳонда биринчилардан бўлиб, аёллар саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун поливитаминларни бепул етказиб бериш амалиётини бошлаб берди.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Мазкур соҳада юртимиз эришаётган натижа ва ютуқлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида танлаган миллий модели юқори баҳоланиб, ҳатто, Европадаги энг ривожланган мамлакатларга намуна сифатида кўрсатилишида ҳам юксак эътироф мужассам.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Бугун скрининг, перинатал, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий марказлар каби биз учун тасаввуримизга сиғдиришимиз қийин бўлган янги тизим ва йирик Давлат дастурларининг жорий этилиши ўз самарасини бермоқда.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Ўтган йигирма йил мобайнида одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшгача ошди.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Мамлакатимиз раҳбарининг 2007 йил сентябрь ойида “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши тиббиёт соҳасида янада жиддий янгиланишлар сари ташланган муҳим қадам бўлди. Чунки унга биноан, республикамизнинг барча вилоятларида ягона стандартлар асосида хизмат кўрсатувчи кўп тармоқли тиббиёт ускуналарига эга, малакали кадрлар билан таъминланган замонавий диагностика марказлари ташкил этилди. Шу билан бирга, юртимизда фаолият кўрсатиб турган тўртта ихтисослаштирилган марказ қаторига яна олтита турли йўналишларга ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари қўшилди.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Cоғлиқни сақлаш тизимини янада яхшилаш мақсадини кўзлаб ажратилаётган бюджет маблағлари йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Жумладан, 2010 йилда соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 1 триллион 703 миллиард сўм ажратилди. Бу кўрсаткич охирги уч йилга нисбатан икки ярим баробарга кўп деганидир. Қолаверса, тизимни молиялаштиришнинг ҳажми ва манбалари тобора кенгайиб бормоқда.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- 2011 йилдан бошлаб, “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари бошланади. Бунга 93,0 миллион АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, шу йилда республика ихтисослаштирилган Эндокринология, Фтизиатрия ва пульмонология ҳамда Педиатрия илмий-амалий марказларида таъмирлаш ишлари якунланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланади. Шунингдек, республика ихтисослаштирилган Хирургия маркази таркибида янги — дунё андозаларига тўлиқ жавоб берадиган кардиохирургия бўлими ҳам фойдаланишга топширилади.
--------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Ислоҳотларнинг яна бир йўналиши, бу — фармацевтика соҳасидир. Президентимизнинг 2007 йил ноябрь ойида эълон қилинган “2011 йилгача бўлган даврда фармацевтика тармоғи корхоналарини модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда дастуриламал бўлаётир.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Мустақилликкача бўлган даврда мамлакатимизда учта корхона томонидан 50 га яқин дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозир фармацевтика корхоналар сони 116 тага етди. Мазкур муассасалар томонидан 1000 дан ошиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қолаверса, ўзбек олимлари томонидан сўнгги йилларда 30 га яқин муқобили йўқ дори воситалари ихтиро этилиб, амалиётга жорий қилинганлигини алоҳида қувонч билан таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати хабарлари
асосида тайёрланди.